
"11-сентябр воқеаларидан сўнг ислом ҳақида имкон қадар кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилдим. Бу динни пеш қилиб, қўлини бегуноҳ инсонлар қонига белаган адоватга тўла одамларни бунга нима мажбурлаганини билмоқчи бўлдим", - дейди у.
Койнер судда қурилиш режасига қарши томонни қўллаб-қувватламоқда.
Сўнгги йилларда Мурфрисборода мусулмонлар сони кўпайиб, шаҳар четида исломий марказ қуришга эҳтиёж туғилди. Аммо маҳаллий аҳоли бунга қарши ва суд орқали лойиҳани бекор қилдирмоқчи.
Уларнинг юристларига кўра, мусулмон жамоаси етакчиларининг хориждаги исломий радикалларга алоқаси бор.
"Бундай масжиддан келажакда жиҳодчилар чиқиши мумкин", - дейди лойиҳага қаршилардан бири.
Имом Осама Баҳлул бу сафсата, дейди.
"Мурфрисборолик мусулмонлар бу ерда марказ қурамиз, деб анчадан бери орзу қилади. Унда ибодат учун масжид бўлади, қизлар учун бассейн ва яна бир қанча бошқа хоналари бўлади", - дейди у.
Шаҳар ҳокимлиги лойиҳани тасдиқлаган. Аммо Ню-Йоркда террор хуружлари юз берган жой яқинида исломий марказ қурилиши норозиликка учрагач, Мурфрисборода ҳам қаршилик кучайди. Қурилиш жойини бузғунчилар титиб, ўт қўйишди.
Аксарият маҳаллий мусулмонлар Мурфрисборода ҳаёт тинчроқ деб у ерга кўчганини айтади.
Кевин Фишер, судга масжид қурилишига қарши ариза берганлардан.
"Жамоамиз жуда ҳам аҳил ва тинч. Аммо бу режа амалга ошса, бу ўзгариши мумкин. Масалан, Мичиган штатининг Диеборн шаҳрига қараб шаҳримиз ҳам шундай бўлиб қолишини истамаймиз".
Диеборн Америкада араблар энг кўп яшайдиган жой. Аммо ҳамма ҳам Кевин Фишерга қўшилмайди. Мурфрисбородаги бир протестант черкови маҳаллий мусулмонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус тадбир уюштирди.
Люсинда Нелсон шу черковда ишлайди.
"Одамлар Мурфрисбородек баракали шаҳарда ўз эътиқодига очиқ сиғина олмаслиги уят", - дейди у.
Маҳаллий мусулмонлар йиллар давомида ва ҳаттоки, 11-сентябр воқеаларидан сўнг ҳам шаҳарда тинч ҳаёт кечирганини айтади.
Люсинда Нелсон дейдики, ислом марказини қуриш бўйича мунозарадан олдин шаҳарликлар уларнинг орасида мусулмонлар ҳам яшаганини пайқамаган. Режага қаршилар аҳолининг айрим мазвуларда билимсизлигидан фойдаланмоқда, дейди у.
"Улар атрофга қараб дунё ўзгараётганини, ташқи кўриниши уларга ўхшамаган одамнинг президент бўлганини қабул қила олмаяпти. Бу ўзгаришлар турмуш тарзи ва динни ювиб кетишидан қўрқишяпти", - дейди у.
11-сентябр воқеаларидан сўнг айрим америкаликлар ислом динини таҳдид деб, унга қарши судда курашиш керак деган мақсад билан яшайди. Аммо бошқалар назарида барча дин вакиллари ўзгаришлар шабадасидан қўрқмасдан, эътиқод эркинлигига интилиши лозим, деб хабар қилди voanews.com.






