
Номзодлар обдон элакдан ўтади. Ҳар бир даъвогар оиласи ва таржимаи ҳолидан бошлаб, дини ва сиёсий қарашларини тушунтириши, оммадан тушган ҳар бир саволга жавоб бериши керак.
Жараённи қизитадиганлар, яъни оловга мой сочиб турадиганлар – оммавий ахборот воситалари.
Республикачилар орасида етакчиликни бой бермаётган Митт Ромни насронийларнинг мормон оқимидан.
Мормонлар Инжилдан ташқари яна бошқа китобларни ҳам муқаддас деб билади. Жозеф Смит, 19 асрда яшаб ўтган руҳонийни "пайғамбар" деб атаб, Яратган Исодан кейин ҳам элчи юборган дея ишонади. Бошқа насронийлар назарида улар эгри йўлга кирган одамлар.
Роберт Жеффресс, евангелчилар етакчиси. Техас штатида танилган руҳоний. Губернатор Рик Перри номзодлигини қўлламоқда. Евангелчилар ўзини "тоза насронийлар" ёки "янгидан туғилган насронийлар" деб атайди.
Митт Ромни, дейди Жеффресс, ҳақиқий насроний эмас. Унинг фикрича, бундай одамлар президентликка ярамайди.
“Мормонлар - бузилган насронийлар тўдаси. Улардан чиққан номзод тўғри йўлга бошламайди”.
Жеффресснинг изоҳи шуки, мормонлар шахсга сиғинади. Худо ва унинг ўғли Исодан бошқага ибодат қилиш гуноҳ ахир, дейди у.
Бу туҳмат, уйдирма гаплар холос, дейди мана бу мормон:
Кўпчилик америкаликлар сиёсат ва дин бир-бирига аралашмаслиги керак деган фикрда.
Лекин баҳсу-тортишувлар тинмайди. Номзодлар дебатларда бу масалани четлаб ўтолмайди.
“Бу бировнинг фикри, меники эмас, Митт, буни неча бор айтиб отдим. Юртдошларимиз эътиқод ва ишонч нималигини билади. Уларнинг бугунги муаммоси – ҳозирги президентимиз”,- дейди Рик Перри.
“Раҳбарликка танлаётганимизда номзодларнинг динига қарашимиз керак деган қараш мени жуда ташвишга солади",- дейди Митт Ромни.
"Ахир Америкага асос солинганида айнан мана шу нарса рад этилган. Ҳокимиятга сайланадиган шахс эътиқоди эмас, юрти учун нима қила олишига қараб баҳоланган”.
Оммавий сўровларда, америкаликлар диннинг фарқи йўқ дейди, агар гап экстремизм ҳақида кетмаётган бўлса.
Лос Анжелес кўчаларида одамлардан фикрини сўраганимизда, бир аёл шундай дейди:
“Экстремистларга ёқ дейман. Улар ҳаммани бир қолипга солишга ва худди ўзидек фикрлашга ундайди. Мен, шахсан, бунга қатъий қаршиман”.
Яна бир америкалик эса диннинг нима фарқи бор дея ҳайрон:
“Аризона штатиданман. У ерда мормонлар тўлиб ётибди. Бошқа насронийлардан фарқи йўқ, католик, протестант, баптист.. Кимга нима”.
Ромни ҳамма насронийларни ҳам ишонтира олмаслиги мумкин, дейди дин ва сиёсат бойича таҳлилчи Даниэл Кокс.
“Евангелчилар – Республикачилар Партиясининг ажралмас қисми. Шундай экан, бу ота тақводор насронийларнинг қарашлари, албатта, катта аҳамиятга эга. Ҳар тўрт республикачи сайловчидан бири – евангелчи. Аёва, Жанубий Каролина ва Флорида штатларида улар айниқса катта кучга эга",- дейди олим.
Президент бўлмоқчими, Митт Ромни, бу синовларга чидаб бериши керак.
“Агар Ромни евангелчиларни “ҳақиқий насронийман”, сизнинг сиёсий қарашларингиз ва қадриятларингизга шерикман деб ишонтира олса, марра уники бўлиши мумкин. Нима учун мормон эканини айтсин ”,- дейди Даниэл Кокс.
Президентликка даъвогар аввал партиявий номзодликни қўлга киритиши, кейин эса умуммамлакат сайловларида демократ рақиби билан курашиши керак.
Манба: voanews.com






